Бухоро шаҳрида "Ширин" болалар маркази фойдаланишга топширилди
“Ширин” болалар маркази “Ширин плаза файз” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган. Марказда болажонларнинг мириқиб дам олиши учун барча шарт-шароит яратилган.
“Ширин” болалар маркази “Асакабанк”нинг вилоят филиали томонидан ажратилган 800 миллион сўмлик кредит эвазига барпо этилди.
Ўндан зиёд ёшлар ишлаётган марказ биносининг биринчи қаватида парҳез таомлар ошхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Иккинчи қаватдаги йигирмага яқин аттракцион соатига 50 болага хизмат кўрсатади. Шунингдек, марказда юмшоқ ўйинчоқлар билан жиҳозланган махсус майдонча ҳам мавжуд.
Бухоро шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорларнинг 2,6 миллиард сўмлик маблағи ҳамда тижорат банклари томонидан ажратилган 2,2 миллиард сўм миқдоридаги кредит ҳисобига 74 лойиҳа амалга оширилган. Натижада 173 янги иш ўрни яратилган.