ИИВ инспектори: ёзги оромгоҳларда болаларнинг хавфсизлиги таъминланди
Жорий йилда Ўзбекистон бўйича жами 287 мингдан ортиқ бола ёзги оромгоҳларда дам олди. Бу ўтган йилга нисбатан юқорироқ кўрсаткичдир. Бу эса, ўз навбатида, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими ходимлари зиммасига ҳам алоҳида эътибор ва масъулият юклайди.
Ўзбекистон ИИВ ЙҲХ ЙҲХ Бош бошқармаси инспектори капитан Акмал Юнусовнинг таъкидлашича, болаларнинг ёзги оромгоҳларда дам олиши кўнгилсиз ҳодисаларсиз ўтиши учун барча керакли чоралар кўрилган.
“Барча оромгоҳга ДЙҲХХ ходимлари бириктирилиб, тегишли идоралар билан ҳамкорликда оромгоҳларда ҳаракат хавфсизлиги бурчаклари ва автомайдончалар ташкил этилди. Улар “Йўл ҳаракати қоидалари” китоби, ҳаракат хавфсизлигини тарғиб қилувчи турли расмлар, кўргазмали қуроллар билан жиҳозланди”, - дейди у “Оила даврасида” газетасида чоп этилган мақоласида.
Оромгоҳларга ажратилган автобусларнинг ҳар томонлама соз ҳолатда бўлиши долзарб масалалардан бири, деб ҳисоблайди инспектор. Шу боис ушбу транспорт воситалари Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бериши лозим.
“Уларнинг барчаси мажбурий техник кўрикдан ўтказилди, тиббиёт қутичаси, ёнғин ўчиргич, мажбурий тўхтаганда ўрнатиладиган «Фалокат сабабли тўхташ» белгиси, ғилдирак остига қўйиладиган тиргак, фавқулодда ҳолатда ойнани уриб синдириш учун фойдаланиладиган болғача, автобуснинг олди ва орқа томонида «Болалар гуруҳини ташиш» таниқлик белгиси билан таъминланди”, - таъкидлайди Юнусов.