Жамият | 12:10 / 27.08.2015
9420
2 дақиқада ўқилади

Контракт асосида ўқишга кирган талаба таълим кредити олишда ёш юрист маслаҳатидан фойдаланди

Фейсбук ижтимоий тармоҳидаги "Maslahat.uz" гуруҳига админ Хушнудбек Худайбердиев томонидан "Контрактга ўқишга кирган ва таълим кредити олишда муаммога дуч келганлар учун махсус!" номи билан янги пост жойлаштирди.

Унга кўра, муаллифдан таълим кредити олишда маслаҳат сўраган талаба ўз ниятига муаммосиз етишгани маълум бўлади.

"Салом Хушнудбек ака. Сизнинг маслаҳатингизга амал қилиб, My.gov портали орқали Марказий банкка шикоят хати юборгандим. Юборган кунимнинг эртасига туш вақтида туманимиздаги банклардан биридан телефон қилишиб, тезда етиб келишимни сўрашди. Борганимда, Марказий банкдан одам жўнатишиганини, улар бошлиқ хонасида ўтиришганини кўрдим. Муаммони тушинтиргандим, тезда ҳал қилиб беришди. Шу кунларда ҳамма ҳужжатларни тайёрлаб берсам, 10 йилга 9 фоиз билан таълим кредити берадиган бўлиб туришибди. Маслаҳатингиз учун катта раҳмат!", дея ўз миннатдорчилигини билдиради талаба.

"Мана яна бир банк билан боғлиқ муаммо тезда ҳал бўлибди. Марказий банкнинг фуқаролар мурожаати билан ишлаш тизими ҳақиқатдан таҳсинга лойиқ!
Ўртоқлар, сизлар ҳам My.gov.uz сайти орқали давлат органларига мурожаатлар юборишда фаол бўлинг. Нима қилсам экан деб ўйланиб юрманг", дея жамоатчиликка мурожаат қилади Хушнудбек Худайбердиев.

Эслатиб ўтиш жоизки, бундан аввалроқ ҳам, ёш юристнинг маслаҳати орқали нақд пулни ололмаётган мижоз Марказий Банк ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, бир кунда ўз омонатини қайтариб олганди.