Спорт | 22:00 / 27.08.2015
11162
2 дақиқада ўқилади

Лионель Месси УЕФАнинг йил ўйинчиси бўлди

Бугун Монако шаҳридаги Grimaldi Forum анжуманлар саройида Европа Чемпионлар лигаси мусобақасининг 2015/2016 йиллар мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимдан аввал ўтган мавсумнинг энг чиройли голи (Месси томонидан "Бавария дарвозасига урилган гол) ва ўтган мавсумнинг энг чиройли сэйви (Тер Штегеннинг "Бавария" билан ўйиндаги сэйви) аниқланди.
Маросимдан сўнг эса, Европадаги 54 мамлакат вакиллари бўлган 54 нафар журналист берган овозлар асосида аниқланган евромавсумнинг энг яхши ўйинчиси номи эълон қилинди.
Бу ном учун даъвогарлар сони уч нафар бўлиб, улар "Барселона" ҳужумчилари Лионель Месси ва Луис Суарес билан биргаликда "Реал" футболчиси Криштиану Роналду ҳисобланаётганди.

Овозлар натижаларига кўра, бу сафар Лионель Месси Евромавсумнинг энг яхши ўйинчиси бўлди.

Қайд этиш керакки, 2011 йилда жорий қилинган бу соврин шу вақтгача 4 марта 4 футболчига топширилганди. 2011 йилда ҳам бу совринни қўлга киритган аргентиналик футболчи эса иккинчи марта евромавсумнинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилди. Унга бу сафар асосий рақиб бўлган Роналду эса 2014 йилда шундай мукофот билан тақдирланганди.