Спорт | 07:06 / 27.08.2015
2159
2 дақиқада ўқилади

Мишель Платини яқин икки ой ичида ФИФА президенти лавозимига сайловолди дастурини тақдим қилади

ФИФА президенти лавозимига даъвогарлик қилаётган УЕФА президенти Мишель Платини яқин 6-8 ҳафтада ўзининг сайловолди дастурини тақдим қилади. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги маълум қилди.

Платини 28 августда Монакода бу лавозимга расмий даъвогар сифатида матбуот-анжуман ўтказмоқчи. Платини ФИФАдаги ислоҳотлар ташкилотга раҳбар сайловларидаги барча нарсалардан устун бўлиши, бироқ у футболга зиён етказмаслиги кераклигини айтмоқда.

Маълумотларга кўра, Платини жаҳон чемпионати, халқаро тақвим ва ўйин қоидалари борасида ўзгартиришлар киритишни кўриб чиқишни режалаштирган. Хусусан, Платини жаҳон чемпионатларининг финал босқичида иштирок этувчи жамоаларнинг сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, у “уч карра жазолаш” – пенальти, қизил карточка ва жарима майдонидаги қоидабузарлик учун ўйиндан четлатишга, дарвоза ишғол қилинганини қайд қилувчи технологиялардан фойдаланишга қарши чиқмоқда. 

Платинидан ташқари, франциялик собиқ футболчи Давид Жинола, футбол афсонаси Диего Марадона, Иордания шаҳзодаси Али ибн Ал-Ҳусайн, Тошкентнинг “Бунёдкор” клубининг собиқ бош мураббийи бразилиялик Зико, Либерия футбол уюшмаси раҳбари Мусо Билитий, ФИФАнинг собиқ президент ўринбосари, жанубий кореялик Чхон Мон Жун ФИФА президенти лавозимига сайловларда иштирок этиш истагини билдирганлар.