Ўзбекистон | 08:39 / 27.08.2015
4774
2 дақиқада ўқилади

Олтинкўл туманида мустақилликнинг 24 йиллиги нишонланди

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида энг улуғ, энг азиз айём бўлмиш мамлакат мустақиллигининг 24 йиллиги шодиёналари ўзгача шукуҳ билан байрам қилинмоқда. Туманинг барча қишлоқ ва маҳаллаларида байрамни муносиб кутиб олиш учун юқори савияда тараддуд кўрилди.

26 август куни туман марказидаги “Олтинкўл” ўйингоҳида истиқлол байрами муносабати билан “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида тантанали тадбир ўтказилди. Тадбирга туманининг турли соҳаларда фаолият юритаётган инсонлари, фаол ёшлар, жамоатчилик вакиллари ташриф буюришди. Тантанани туман ҳокими Акмалжон Жалолов очиб, олтинкўлликларни энг улуғ айём - Мустақиллик байрами билан табриклади.

Байрам дастурида туман бадиий жамоалари томонидан халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган, мустақиллик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини теран идрок этиш, ўтган давр мобайнида босиб ўтган оғир ва машаққатли, айни вақтда шарафли йўлимиз, кенг кўламли ислоҳотларимиз, қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини очиб берувчи саҳна кўринишлари, қўшиқлар, рақслар намойиш этилди.

"Айни кунларда юртимизнинг барча гўшалари қутлуғ байрам муносабати билан ажойиб файз ва тароватга энган. Муҳтарам юртбошимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатларини натижасида кундан-кун ривожланиб, чирой очиб бораётган тинч осуда ҳаётимизга, ватанимизга кўз тегмасин!", дейди тадбир иштирокчиси, халқ депутатлари Олтинкўл туман Кенгаши депутати Бегали Азимов.