Ўзбекистонда “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонун кучга кирди
27 августдан Ўзбекистонда “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Эслатиб ўтамиз, 7 август куни Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида “Соғлом бола йили” давлат дастурини рўёбга чиқариш доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентнинг қуйи палатасига киритилган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонун тасдиқланган эди.
15 июль куни қуйи палата томонидан қабул қилинган ушбу қонун 26 августда давлат раҳбари томонидан имзоланди ҳамда 27 августда марказий матбуотда эълон қилиниши билан кучга кирган ҳисобланди.
Таъкидланганишича, “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги қонуннинг ўрнига қабул қилинаётган ушбу ҳужжат замонавий талабларни инобатга олган ҳолда мамлакатда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, касалликларнинг олдини олишнинг самарали тизимини янада ривожлантиришга, аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга,
санитария нормалари ва қоидаларини бажаришга, иншоотлар, бинолар, ташкилотлар, бошқа объектларни сақлаш юзасидан санитария-эпидемиологик талабларни белгилашга ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бу жараёнлардаги иштирокини кучайтиришга қаратилган.