Ўзбекистонда эҳтиёжларни баҳолашнинг Бартель ва Лаутон шкаласига асосланган усуллари жорий қилинади
Ўзбекистонда ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида четдан парваришлаш пайтида эҳтиёжларни баҳолашнинг Бартель ва Лаутон шкаласига асосланган замонавий усуллари жорий қилинади. Бу ҳақда 26 август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 10 август куни «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида «Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилган эди.
Унга кўра, ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида четдан парваришлаш пайтида эҳтиёжларни баҳолашнинг Бартель ва Лаутон шкаласига асосланган замонавий усуллари жорий қилинади. Яъни, шу вақтга қадар парваришловчи ижтимоий соҳа ходимлари барча четдан парваришга муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронларнинг уйига (айни пайтда бундай кишилар сони 17 мингдан кўпроқ) ногиронлиги, касаллиги ва эҳтиёжларини ҳисобга олмай туриб, ҳафтасига икки марта келиб кетар эди. 2016 йил январдан бошлаб эса, парвариш қилувчи ходимларнинг миқдори ва келиб-кетиш вақти давомийлиги халқаро Бартель ва Лаутон шкаласидан келиб чиқиб белгиланади ҳамда айрим эҳтиёжмандлардан ҳафтасига етти кун хабар олиб турилади.
Шкалалар бўйича четдан парваришга муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронларнинг ҳаёт тарзи, ҳаракатланиши, овқатланиши, фаоллиги сингари ҳолатлари махсус халқаро жадвал асосида баҳолаб чиқилади ва шунга биноан ижтимоий хизмат кўрсатилади.
Ушбу шкалалар кам вақт сарфланиши ва юқори самарадорлиги билан ажралиб туради.
Эътиборлиси, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва ижтимоий ҳимоя марказлари фаолиятига замонавий илғор технологиялар жорий этилаётгани сабабли парвариш билан банд ижтимоий соҳа ходимлари сони ошиб кетмасдан, уларнинг хизмат кўрсатиш сифати ортади.