Ўзбекистонлик спортчилар АҚШда Хитой яккакурашлари бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этди
10-12 июлда Флорида штатининг Орландо шаҳрида бўлиб ўтган Хитой жанг санъатлари бўйича халқаро жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар иштирок этишди. Улардан 2 нафари олтин, 2 нафари кумуш медалларга сазовор бўлишди.
Айтилишича, мусобақада қатнашган 5 ўзбекистонликнинг 4 нафари мудофаа вазирлиги спорт клуби жангчилари бўлган. Уларга шарқ яккакурашлари бўйича катта мураббий, муай-тай бўйича 9 карра жаҳон чемпиони, профессионаллар орасида олтин камар соҳиби, халқаро тоифадаги спорт устаси майор Бахтиёр Норов бошчилик қилди. Норовнинг ўзи профессионал кикбоксинг бўйича чемпионлик унвонини муваффақият билан ҳимоя қилди. У Озарбайжон ва АҚШ вакиллари устидна ғалаба қозонди.
МХСКнинг шарқ яккакурашлари бўйича мураббийи, универсал жанг бўйича жаҳон чемпиони сержант Сирожиддин Рўзиев мамлакат шарафини грепплинг йўналишида ҳимоя қилди. У ирландиялик ва мексикалик рақиблари устидан ғалаба қозониб, финалда АҚШ вакилига имкониятни бой берди.
Универсал жанг бўйича спорт устаси Алибек Абдуев ҳам ушу-саньда спорт тури бўйича 65 кг вазни тоифасида АҚШ вакилига ютқизиб, кумуш медал соҳибига айланди.
Универсал жанг бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, шарқ яккакурашлари бўйича жаҳон чемпиони Алишер Шербоев ушу-саньда спортининг 75 кг вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритди. Финалда у АҚШ вакилини нокаутга учратди.