Қозоғистон ва МАГАТЭ кам тўйинтирилган уран банкини яратиш бўйича келишувни имзолади
Остона шаҳрида Қозоғистон ва МАГАТЭ ўртасида халқаро кам тўйинтирилган уран банки(Low Enriched Uranium, LEU)ни яратиш бўйича келишув имзоланди. Пайшанба, 27 август куни ҳужжатга Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов ҳамда МАГАТЭ бош директори Юкия Амано имзо чекишди, дейилади "Интерфакс" хабарида.
Имзолаш маросимида БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари, жумладан, Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция, шунингдек, лойиҳани молиявий қўллаб-қувватлаётган донор-давлатлар – Европа иттифоқи, Норвегия, Кувайт, БАА вакиллари иштирок этишди.
Кам тўйинтирилган уран банки Усть-Каменогорск шаҳридаги Ульбин металлургия заводи базасида ташкил этилади. Унинг захираси 90 тоннагача бўлиб, 1000 МВт қувватга эга реактор орқали назорат қилинади.
Банк “Ядровий хавфни камайтириш бўйича ташаббус гуруҳи” жамғармаси (50 млн доллар), АҚШ (49,54 млн доллар), БАА (10 млн доллар), Кувайт (10 млн доллар), Норвегия (5 млн доллар) ва ЕИ (25 млн долларгача) мамлакатлари томонидан молиялаштирилди. Донорлик бадаллари миқдори 150 миллион доллар бўлиб, мазкур маблағ банкнинг энг камида 10 йил фаолият кўрсатиши учун етади.