Ўзбекистон | 10:26 / 27.08.2015
3771
2 дақиқада ўқилади

Ёлғиз кексалар ва ногиронларга берилаётган озиқ-овқат ва гигиена маҳсулотлари 15тага кўпайтирилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10 августдаги «Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан, Ўзбекистонда ҳар ойда ёлғиз кексалар ва ногиронларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарлари 9тадан 15 тагача кўпайтирилади. Бу ҳақда 26 август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Шунингдек, ёрдам олувчига жами маҳсулотларнинг умумий нархидан ошиб кетмаган ҳолда маҳсулот ва товарлар тури ҳамда миқдорини танлаш ҳуқуқини берилади. Масалан, кекса киши бериладиган барча товарлар баҳоси миқдорида фақат ўзига керак бўлган ёрма ва шакар олиши мумкин.

Вазирлик пресс-релизида қайд этилганидек, четдан парваришга муҳтож ёлғиз кексалар ва ногирон кишилар кенг қамровли рўйхатдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамни олиш ҳуқуқига эга шахслар ҳисобланади. Уларга ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур товарлар тўплами етказилади, доимий тарзда — ҳафтасига бир марта — уйлари супуриб-сидирилиб, овқати пишириб берилади, бошқа ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатилади. Бундай тоифадаги кишиларнинг саломатлиги ҳар йили бир марта давлат ҳисобидан санаторийларда мустаҳкамланади, дори воситалари билан бепул таъминланиб, бошқа кўплаб имкониятларга эга бўлади.