Америкалик севишганлар океан остида турмуш қуришди
АҚШнинг Флорида штати Майами шаҳридан бўлган икки севишган Ки Ларго ороли яқинида океан остида турмуш қуришди.
Ёшлар ноодатий маросимга жиддий ҳозирлик кўришди: келин оқ кўйлак, куёв анъанавий костюм кийиб, галстук таққан ҳолда нотариус иштирокида никоҳдан ўтишди, дея хабар берди mir24.tv.
Қўшимча равишда акваланг ва ласт (сувда сузиш учун икки оёқ учига кийиладиган мослама) кийиб олган келин-куёвнинг бахтиёр лаҳзаларида ранг-баранг балиқлар “меҳмон” сифатида иштирок этишди. Ёшларнинг яқинлари эса маросимни сув юзасида – катер устида кузатишди холос.
“Ўйлайманки, бу ерга никоҳимизнинг 50 йиллигини нишонлашга ҳам келамиз”, – деди келин бўлмиш Кимберли Трайолет.
Қайд этиш жоизки, Майами ўз никоҳини ғайриоддий усулда нишонловчи ёш оилалар маскани. Бу ерда ўз никоҳ маросимини 40 метрли баландликка ўрнатилган резина арқондан сакраб ёки сновборд тахтачаси устида ўтказувчи ёшлар ҳам йўқ эмас.