Жаҳон | 15:46 / 28.08.2015
3230
1 дақиқада ўқилади
Беларусь президентлигига номзод бир стакан шарбат туфайли шифохонага ётқизилди
Беларусь президентлиги учун кураш олиб бораётган Виктор Терещенко ўткир аллергик реакция туфайли Минск шифохоналаридан бирига ётқизилди.
“Номзод Минск ошхоналаридан бирида истеъмол қилган сабзи шарбати туфайли шифохонага тушиб қолди”, дейилади беларусь нашри хабарида.
Нашрнинг қайд этишича, Терещенко икки хўплам сабзи шарбатини ичиб, тоби қочган ва зудлик билан тез тиббий ёрдам чақиришга тўғри келган.
Терещенко – беш нафар номзоднинг бири бўлиб, сайлов кампаниясида иштирок этиш учун зарур бўлган 100 минг имзони тўплай олди.
65 ёшли иқтисодчи Беларусь президентлиги учун 1994, 2001 ва 2010 йилги сайловларда ҳам иштирок этган.
Беларусда президентлик сайлови 2015 йилнинг 11 октябрида бўлиб ўтади.