Bloomberg: нефть компаниялари яшаб қолиши учун 500 млрд доллардан зиёд маблағ керак
Нефть нархи олти йиллик паст кўрсаткичларга тушиб кетган давр мобайнида нефть компаниялари ўз облигациялари учун тўловларни амалга ошириш мақсадида 500 млрд доллардан зиёд маблағ сарфлашлари лозим. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Шимолий Америка, Европа ва Осиё нефть-газ соҳасидаги етакчи компаниялар маълумотларига асосланган ҳолда хабар берди.
Агентликнинг қайд этишича, компанияларнинг соф даромади ва соф қарзлари ўртасидаги нисбат сўнгги 20 йил ичида рекорд даражада ўсган. Агентлик таҳлилчилари фикрига кўра, дуён нефть бозоридаги нарх-наво шу таҳлит қолса, 7-10 йилдан сўнг ўз қарзларидан қутула олмаган кўплаб ўйинчилар бозорни тарк этишга мажбур бўлади.
Маълум қилинишича, компаниялар 2015 йилда 72 млрд, 2016 йилда 82 млрд, 2017 йилда эса 129 млрд доллар миқдоридаги қарзларини узишига тўғри келади. Шу билан бирга, энергетик компанияларнинг умумий қарздорлиги кейинги 5 йил ичида 550 млрд доллардан ошади.