БМТ: 2015 йилда Ўрта Ер денгизида 2,5 минг муҳожир ҳалок бўлди
Жорий йилда тахминан 2,5 минг нафар қочқинлар Ўрта ер денгизида ҳалоқ бўлишган. Қочқинлар Европага ноқонуний равишда киришга уринган пайтларида шундай ҳалокатга йўлиқишган, деб ёзилади БМТ ҳисоботида. Мазкур ҳисобот ҳақида Deutsche Welle нашри маълум қилган.
БМТнинг қочоқлар бўйича олий комиссияси вакили Мелисса Флемингнинг таъкидлашича, ҳозирга қадар 300 минг нафардан ортиқ одамлар ноқонуний равишда Европа давлатлари ҳудудида ўтишга уринишган.
Унинг сўзларига кўра, уларнинг қарийб 200 минг нафари денгиз йўлидан Греция орқали бунга эришишган бўлса, яна 110 минги Италия орқали Европага кириб келган.
Олдинроқ, Европага кириб келган ноқонуний муҳожирлар сони Иккинчи жаҳон урушидан кейин рекорд кўрсаткичга етгани хабар қилинганди.
Европа Иттифоқи томонидан июль ойида рўйхатга олинган муҳожирлар сони 107,5 мингни ташкил қилган. Бу ўтган йилнинг шу ойигача бўлган кўрсаткичдан анчагина юқоридир.