Facebook ташрифлар сони бўйича рекорд ўрнатди
Facebook бир кун давомида тармоққа ташриф буюрувчилар сони бўйича рекорд натижани қайд этди, дея хабар бермоқда Associated Press агентлиги.
Душанба, 24 август куни Facebook ижтимоий тармоғининг бир миллиард фойдаланувчиси ўз саҳифасини кўздан кечирган.
Шу муносабат билан компания раҳбари Марк Цукерберг ўз фейсбукига душанба куни тармоққа дунё аҳолисининг ҳар етти нафаридан бири яқинлари ва дўстлари билан мулоқот қилиш учун ташриф буюргани ҳақидаги маълумотни жойлаштирди.
Facebook`нинг ушбу маълумоти июль ойида ижтимоий тармоқдан фойдаланувчиларнинг ўртача сони бир миллиардга етганини кўрсатади. Июнь ойидаги кўрсаткич эса 968 миллион нафарни ташкил этган эди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда 1,5 млрд нафарга яқин киши ижтимоий тармоқда ўз саҳифасини очган бўлиб, уларнинг барчаси ойида энг камида бир маротаба саҳифасини кўздан кечиради.