ОАВ: Хитой индексларининг тушиши бутун дунёда тўлқин эффектини берди
Жаҳон матбуотида халқаро молиявий бозорларида 24 августдан буён кузатилаётган кескин тушиш жараёни қизғин муҳокама қилинмоқда.
Atlas-News газетасида берилган фикрга кўра, Хитой индексларининг тушиши бутун дунёда тўлқин эффектини берган. “Ёз Хитой учун ёмон келди, иқтисодиёт ўсиши секинлашди, экспорт камайди. Индекслар тушиши 2007 йилдан буён энг паст кўрсаткични қайд қилди, бу бутун дунёда тўлқин эффектини келтириб чиқарди”, - дейилади материалда.
Tagesspiegel’да ёзилишича эса, инқирозни Хитой эмас, ЕИ келтириб чиқарган. Европа макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Густав Хорннинг айтишича, Европанинг иқтисодиёти охирги йилларда барқарор ривожланмаяпти, бу, ўз навбатида инвесторларни бу минтақага пул киритишдан чўчитмоқда.
“Девальвация Хитойнинг юанни халқаро валютага айлантиришга бўлаётган хатти-ҳаракатлари эрта амалга оширилганидан далолатдир. Хитой иқтисодиётининг кун тартибида бундан кўра муҳимроқ масалалар тургани маълум бўлди”, - деди Жаҳон банки катта маслаҳатчиси Брайан Пинто.
“Евросиё” гуруҳи директори Йан Бреммер эса, аксинча, Хитойда инқироз бошлангани ҳақидаги гапларга қўшилмади. “Хитой иқтисодиётининг реал тушиши ҳақидаги тахминлар ўзини оқлаймайди”, - таъкидлади у.
Унинг фикрига CNN телеканали таҳлилчилари ҳам қўшилди. Уларнинг фикрича, жаҳон молия бозорларининг қулашига учта омил сабаб бўлди. Биринчидан, Хитой иқтисодиётида ўсиш тўхтаётгани билан боғлиқ таҳлика. Иккинчидан, асосий ставка кўтарилишига ишончнинг йўқлиги. Учинчидан, нефть нархининг тушиб кетиши. Маълумки, АҚШда нефть олти йилдан буён биринчи марта 40 доллардан паст нархда сотилмоқда. Глобал инвесторлар бу таҳдидлардан қўрқиб, пул тикмай қўйиши молия бозорини орқага суриб ташлади.
“Қисқача танишув шуни кўрсатдики, Хитой иқтисодиёти либераллашувга тайёр эмас экан. Ҳар қандай молиявий тизимнинг асосини ишонч ва очиқлик ташкил этади. Хитойда униси ҳам, буниси ҳам йўқ экан”, - дейилади The New York Times газетасида чоп этилган мақолада.
Гонконг қимматбаҳо қоғозлар бўйича комиссиясининг собиқ раиси Эндрю Шэн ва Халқаро молия институти директори Сяо Гэн Project Syndicate нашрида чоп этилган таҳлилий материалларида Хитой ҳукуматини молия бозори қийинчиликлардан чиқиб кета олиши учун унга ўзини ўзи бошқариш имконияти беришни тавсия қилишди. Уларнинг фикрича, Хитойдаги вазият оғирлашиб бормоқда. ЯИМ ўсишининг барқарор равишда 7 фоизлик даражада турганлигига қарамай, бошқа барча асосий кўрсаткичларда – номинал ЯИМ, асосий фондларга инвестициялар ва ҳ.к. – ўсиш тўрт йилдан буён секинлашиб бормоқда.
Ҳукуматнинг ижтимоий соҳани, хизмат кўрсатиш сектори ва маош даражасини қўллаб-қувватлаш борасидаги хатти-ҳаракатлари маълум вақт керакли натижани бергандай эди. Бу омиллар Хитой фонд бозорига бўлган ишончни оширди. Лекин иқтисодиётдаги муаммолар яққол кўзга ташланиши билан бу ишонч ғойиб бўлди.
Агар Хитой дефляциядан қочишни ва инвестициялар миқдорини оширишни истаса, бозорга бўлган ишончни мустаҳкамлаши талаб этилади. Мамлакат иқтисодиёти даромад келтиришига ишонмаган инвесторлар бу бозорга пул тикмайди. Хитой раҳбарияти давлат ва бозор кучларининг тенг ишлашини кафолатламоғи лозим. Мана шунда юань девальвацияси Хитой корхоналарининг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилувчи омилга айланади.
Муаллиф: Элдор Асанов