Олма-ота шаҳрида ота-оналардан ноқонуний равишда пул ундирган 10га яқин мактаб директори жавобгарликка тортилди
Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида ота-оналардан ноқонуний равишда пул ундирган 10га яқин мактаб директори жавобгарликка тортилди, дея хабар берди BNews.kz.
Айни пайтда мазкур масала Олма-ота халқ таълими бошқармаси томонидан қаттиқ назорат остига олинган.
“Бир йил давомида 10 нафарга яқин мактаб директори пул йиғиш айби бўйича жавобгарликка тортилди. Улар кўрилган зарарни қоплашди, айримлари эса ишдан бўшатилди. Биз ноқонуний пул йиғишлар амалга оширилган мактаблар директорини қаттиқ жазолаймиз. Мазкур масала халқ таълими бошқармасининг доимий назорати остида. Ўқув йили бошланишидан аввал барча мактаб директорлари, туман халқ таълими бўлимлари раҳбарларига мактаб эҳтиёжлари учун ҳар қандай миқдорда пул йиғиш қатъий тақиқланиши ҳақида огоҳлантириш мактублари жўнатдик. Ушбу хатларда уларни маълумотлар тахтачасига илиб қўйиш банди ҳам мавжуд”, – дейди Олма-ота Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Галина Саматокина.
Унинг қайд этишича, барча зарур сарф-харажатлар давлат бюджетидан қопланади. Ишонч телефони орқали келиб тушган ахборотлар текширилади. Агар ота-оналар пул тақдим этишни исташса, улар мутлақо ошкора тарзда ҳомийлик ҳисобига ўтказишлари мумкин.