Қозоғистонда қирғизистонлик аёл боласи билан 8 йил қулликда ушлаб турилди
Қирғизистонлик аёл боласи билан 8 йил давомида Қозоғистонда қулликда ушлаб турилди. Қирғизистон телеграф агентлигининг хабар қилишича, аёл қочиб кетишга муваффақ бўлиб, Олма-Ота четида телефон топган ва Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан боғланган.
“Бугун ФВВга Қозоғистондан аёл қўнғироқ қилиб, 8 йил муқаддам қўлидаги бола билан қулликка сотиб юборилганлигини айтди. Маълум бўлишича, у чорва боққан, у яшаётган тоғларда одам кам бўлган ва ташқи дунё билан алоқа қилишнинг имкони бўлмаган”, - деди вазирлик вакили.
Қочиб кетганидан сўнг аёл боласини боқиш учун қурилишда ошпаз бўлиб ишлаган. ФВВ унинг шахсини аниқлаб, 8 йил муқаддам Ўшнинг Новқат туманидан йўқолиб қолганини маълум қилди.
Аёлни юртига қайтариш бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилди. У эртага, 29 агуст куни Қирғизистонда бўлиши айтилмоқда.
Унинг фарзанди 8 ёшда бўлиб, ҳали мактабга бормаган.