Венесуэла Россия иштирокида ОПЕКнинг навбатдан ташқари сессиясини ўтказишга чақирди
Венесуэла Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПЕК) аъзо мамлакатларидан нефть бозорида хом ашё нархини ушлаб туриш бўйича стратегия ишлаб чиқиш учун Россия иштирокида фавқулодда сессия ўтказишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбасига асосланган ҳолда хабар берди.
Ахборот манбасининг маълум қилишича, Венесуэла мазкур масала юзасидан Қатар билан шартнома имзолаб улгурган.
“Венесуэла агарда зарур чоралар кўрилмаса, нефть нархи тушишда давом этишидан жиддий хавотир олмоқда, – деди ОПЕК вакилларидан бири. – Улар нефть нархига таъсир кўрсатишда ОПЕК имкониятлари чекланганини яхши билишади. Бироқ, шунга қарамасдан, ташкилотга аъзо бўлмаган бошқа ишлаб чиқарувчилар, айниқса, Россия билан ҳамкорлик қилиш лозим.”
ОПЕКнинг навбатдаги йиғилиши 2015 йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтиши белгиланган. Ташкилотнинг Форс кўрфазидаги аъзолари эса ОПЕК аъзоси бўлмаган давлатлар уюшманинг нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш мумкинлиги ҳақидаги қарорига қўшилмаса, фавқулодда сессиясини ўтказишдан маъно йўқ эканини айтиб ўтишган.
“Агарда Венесуэла ёки Жазоир сингари мамлакатлар Россиянинг қайсидир масъулиятларни зиммасига олишига қатъий ишонч билдирса, учрашув ташкил этишга сабаб бор, бироқ бундай бўлмаса, сессия ўтказиш учун асослар мавжуд эмас”, – деди ОПЕК вакилларидан бири.