Япониялик олим “неоянги” лағмон яратди
Япониялик Кураре исмли олим удон лағмонини флуоресцент рангларига бўяди. Бу ҳақда The Metro нашри хабар берди.
У интернетга жойлаштирган суратларда таом турли рангларга бўялганини кўриш мумкин. Кураренинг таъкидлашича, лағмоннинг таъми ўзгармайди, лекин тановвулга ранг-баранглик бағишлайди.
Кураренинг таъкидлашича, у, шунингдек, “неоянги” крем, соус ва саке яратишга муваффақ бўлган.
Munchies нашрига берган интервьюда ҳаваскор олим бундай янгилик қилишида унга Splatoon ўйини туртки бўлганини таъкидлади.
“Ўйинда флуоресцент ранглар жуда кўп, менга бу жуда ёқади”, - деди у.
Неоянги таомлар шу ҳафта охирида Осакада ўтадиган Unbelievable Science Festival тадбирида тақдим этилади.
Кураре – олимнинг тахаллуси бўлиб, у асл исмини ошкор қилмайди, доимо оқ халат ва ниқобда юради.