Ўзбекистон | 17:26 / 29.08.2015
4306
1 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг Тошкентдаги авиакассалари ҳар кунлик иш тартибига ўтади

2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК авиакассалари дам олиш кунларисиз ҳар куни 08.00дан 19.00га қадар иш олиб боради.

Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур иш тартиби йўловчиларнинг авиачипталарни буюртма қилиши, сотиб олиши ва авиапарвозлар ҳақида батафсил маълумот олишида қулайлик яратиш мақсадида жорий этилди.

Авиакасса залларига йўналишларни танлаш, самолётлар ҳаракати жадвали билан танишиш, бўш ўринлар ва авиачипталар баҳоси ҳақидаги маълумотлар учун мўлжалланган электрон сенсорли панеллар, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК рейсларида ташиш қоидалари ҳақида видеоролик намойиш этувчи информацион мониторлар жойлаштирилади.

Шунингдек, “UzAirPlus” лойиҳаси иштирокчилари ва нақт пулсиз ҳисоб-китоб қилувчи юридик шахсларга хизмат кўрсатувчи алоҳида бўлмачалар ташкил этилади. Заллар coffee ва snack-автоматлар билан ҳам таъминланади.