Обама Эрон билан тузилган шартномага қарши чиққан конгрессменларни “уруш оловини ёқувчилар” деб атади
АҚШ президенти Барак Обама Эрон билан тузилган шартномага қарши овоз беришга чақирган конгрессменларни “уруш оловини ёқувчилар”, деб атади. Бу ҳақда The Washington Times хабар берди.
“Мен кимларнингдир уруш оловини ёқишни, яъни уруш бўлишини истаётганини тахмин қилаяпман”, – деди Обама телеэфир чоғида.
У Эрон ядро дастури ҳақида тузилган шартнома Теҳроннинг шахсий ядро қуролини яратиш борасидаги ишларни тўхтатишда энг яхши дипломатик ечим бўлганини айтиб ўтди.
Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнестнинг маълум қилишича, агарда АҚШ Конгрессида Эрон ядро дастури бўйича шартномани бекор қилиш учун зарур овоз тўпланса, бу ҳолат қуролли можарога олиб бориши мумкин.
Айни пайтда АҚШ Конгрессида Эрон ядро дастури бўйича шартнома кўриб чиқилмоқда. Бундан аввалроқ эса Обама конгрессменларнинг Эрон билан тузилган шартномани бекор қилиш борасидаги ҳар қандай ташаббусига вето қўйишга тайёр эканини маълум қилган эди.