Оқ уй: АҚШ Украина конституциясида децентрализация тўғрисида тузатишлар киритилишини қўллаб-қувватламоқда
АҚШ Украина конституциясига мамлакатдаги ҳокимиятни децентрализация қилишни (марказсизлаштириш) кўзда тутувчи тузатишлар киритилишини қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Жозеф Байден ва Украина президенти Пётр Порошенко ўртасидаги телефон суҳбатлашуви натижаларига кўра 28 августда Оқ уй маълумот берди.
“Вице-президент АҚШ президент Порошенко ва Украина Конституциявий комиссияси таклиф қилган Конституцияга Минск келишувларига кўра мамлакатдаги ҳокимиятни сезиларли марказсизлаштиришни таъминлайдиган ва шу билан бирга Украина давлатининг ягона тузилишини сақлаб қолувчи тузатишларни киритишни қатъиян қўллаб-қувватлайди”, деб таъкидламоқда Оқ уй.
Украина Конституциявий комиссияси июль охирида марказсизлаштириш ҳақидаги асосий қонунга киритилиши режалаштирилган таянч ўзгартиришлар матнини маъқуллаган эди. Шундан кейин Украина президенти Пётр Порошенко “бу ўзгартиришларнинг ишлаб чиқилишида Донбасс вакиллари ҳам иштирок этганларини” таъкидлаб ўтган.