"Орёл и решка. Шоппинг" кўрсатувининг Ўзбекистонга аталган сони 4 сентябрда намойиш этилади
Жорий йилнинг июнь ойида Украинанинг машҳур "Орёл и решка. Шоппинг" лойиҳаси ижодкорлари Ўзбекистонга келган ҳамда Самарқанд, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида кўрсатувнинг навбатдаги сонини суратга олишганди.
4 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 21:00да "Пятница" телеканалида кўрсатувнинг Ўзбекистонга аталган сони намойиш этилади.
Маълумот учун, лойиҳага кўра, ҳар ҳафтада икки бошловчи шоппинг учун дунёнинг турли шаҳарларига боради, улардан бирига пул миқдори чегараланмаган "олтин банк картаси", иккинчисига эса бор-йўғи 100 доллар берилади. Ким нимани олиши эса танга ташлаш орқали аниқланади. Агар "бургут" тушса, бошловчи олтин картани, акс ҳолда 100 долларни олади.
Дастур давомида бошловчилар телетомошабинларни шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, ўзлари яшаётган меҳмохона ва унинг нархлари билан таништиради.