Ўзбекистон | 20:55 / 29.08.2015
4195
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда 10 нафар фуқаро “ИШИД” ғояларини тарғибот қилгани учун ҳибсга олинди

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот муассасалари Нурек шаҳрида яшовчи 10 нафар кишини “ИШИД” террорчилик гуруҳи ғояларини тарғиб қилганликда гумон қилиб ҳибсга олди. Ҳибсга олинганлар Нурекда “ИШИД”нинг байроғини осиб кетганликка алоқадор бўлиши мумкин, деб маълум қилмоқда мамлакат ИИВ матбуот маркази вакили.

Вакилнинг айтишича, Душанбедан шарққа томон 100 км узоқроқда жойлашган Нурекда “ИШИД”нинг қора байроқлари аниқланган.

“Шу ҳолат юзасидан Тожикистон ИИВнинг Хатлон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Нурек шаҳрида яшовчи 10 киши қўлга олинди”, деб айтмоқда матбуот маркази вакили.

Вакил берган маълумотларга кўра, гумонланувчилар интернет-сайтлар оррқали Сурияда бўлган Юнус исмли кимса билан алоқада бўлганлар ва унинг буйруқларига кўра Тожикистондаги вазиятни барқарорсизлаштириш бўйича ҳаракатлар олиб борганлар. “ИШИД” байроқларининг осиб кетилишига Тожикистон ислом уйғониш партиясининг Нурекдаги аъзоси Давлиё Саидов ҳам алоқадор бўлиши мукминлиги айтилмоқда.

Саидов ҳам Нурекда суриялик Юнуснинг буйруқларини бажарган ва бу ишларга партиядошларини жалб қилган. Улардан ҳар бири қора мато сотиб олиб, унга “ИШИД” байроғидаги каби ёзувларни ёзиб, уни осиб қўйганликка алоқадорлиги айтилмоқда.

Худди шундай байроқ август ўрталарида Хатлон вилоятининг Шаҳритуз туманида туман маъмурияти биноси ёнида осиб кетилган эди. Ушбу ҳолат бўйича туманда яшовчи 17-19 ёшли 8 нафар шахс ҳибсга олинган эди.