Спорт | 02:27 / 30.08.2015
3033
2 дақиқада ўқилади

“Барселона” Вермален голи эвазига “Малага” устидан ғалаба қозонди

Испания Примерасининг 2-турида амалдаги чемпион “Барселона” “Малага” устидан минимал ҳисобда ғалаба қозонди. Учрашув “Барса”нинг уй майдони “Камп Ноу”да бўлиб ўтди ва 1:0 ҳисобида мезбонлар ҳисобига якунланди.

“Барса” бутун учрашув давомида устунликка эга бўлди, бироқ учрашувдаги ягона тўпни 73-дақиқага келиб киритишга муваффақ бўлди: “Малага” дарвозабони дарвоза томон тепилган тўпни мушти билан чиқариб, уни шундоққина Томас Вермаленнинг оёғи остига ташлаб берди. Бельгиялик футболчи хаёллаб ўтирмай рақиб жарима майдони ташқарисидан тўпни дарвоза томонга аниқ йўналтира олди.

Икки турдан кейин “Барса” 6 очко тўплаган ҳолда мусобақа жадвалида 1-ўринни эгалламоқда, ўтган турда дурранг натижа қайд қилган “Малага” эса 1 очко билан 15-ўриндан жой олди.

Испания Примераси. 2-тур
Барселона (Барселона) – Малага (Малага) – 1:0
Голлар: Вермален, 73 (1:0).