Жаҳон | 15:48 / 30.08.2015
2849
2 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат департаменти: Миср ҳукумати Al Jazeera журналистлари устидан чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқиши лозим

АҚШ Миср жиноий суди томонидан Қатарнинг Al Jazeera телеканали мухбирлари устидан чиқарилган ҳукмга нисбатан ўз хавотирини билдириб, мазкур қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди. Бу ҳақда давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Жон Кирби маълум қилди.

“Қўшма Штатлар Al Jazeera телеканалининг уч нафар журналисти устидан чиқарилган Миср суди қароридан чуқур ҳайратга тушиб, хавотир олмоқда”, – деди Кирби. Унинг қайд этишича, матбуот эркинлиги “ҳар қандай эркин жамиятнинг асоси бўлиб, демократик тараққиёт учун ниҳоятда муҳим”.

Миср суди томонидан Канада фуқароси Муҳаммад Фахмий, австралиялик журналист Питер Грист ва мисрлик продюсер Боҳир Муҳаммад 2013 йилги президент Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан четлатилган даврда Мисрдаги ОАВ ходимлари бирлашмасида рўйхатдан ўтмаган ҳолда мамлакат ҳудудига асбоб-ускуналарни олиб кириш, меҳмонхонада ноқонуний равишда трансляция нуқтасини ўрнатиб, «ёлғон хабарлар»ни узатишда айбланиб, уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.