Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг 78 та лойиҳаси грант танловларда ютиб чиқди
2015 йил 29 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида мамлакат парламенти ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Фонднинг маълумотларига кўра, йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари ҳамда масъул давлат муассасалари вакиллари иштирок этишди.
Йиғилиш давомида Парламент комиссияси эълон қилинган 3- ва 4-грант танловлари бўйича ғолибларни аниқлади. Жорий йилда ўтган йилги шундай танловларга нисбатан иштирокчилар сони 3,1 баробар, лойиҳалар сони 3,3 баробарга ошгани қайд этилди. Ҳаммаси бўлиб 3- ва 4-грант танловларида 465 та ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари иштирок этиб, улар томонидан 353 та лойиҳа тақдим қилинди.
Натижада 1 млрд 950 млн. сўмлик 78 та лойиҳа ғолиб бўлди.
Парламент комиссияси, шунингдек, 29 августдан 6 октябргача ўтиши эълон қилинган 5- ва 6-давлат грант танловларини ўтказиш масалаларини кўриб чиқди. Танловлар фуқаролик жамияти институтларининг аҳолининг ҳуқуқий билимлари, ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқларини англашини оширишни кучайтиришга қаратилган.
ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари таклифига кўра, йиғилишда қўшимча грант танлови ўтказиш тасдиқланди. Бунинг учун қўшимча 700 млн сўм ажратилди.
Қўшимча танлов фуқаролик жамияти институтларининг Ўзбекистон халқлари маданий-тарихий мероси, мамлакатда жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги ютуқларни оммалаштириш бўйича лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.