“Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивали Гран-приcи Хитойнинг “Jiangsu Women’s Orchestra” гуруҳига топширилди
Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивали якунланди.
"Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бу йил ўнинчи бор ўтказилди. Қарийб бир ҳафта давомида Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида, “Мўъжиза” ва “Ниҳол” амфитеатрлари, “Ёшлик”, “Сўғдиёна”, “Шаббода” истироҳат боғлари, Самарқанд, Оқдарё, Жомбой ва Тайлоқ туманларида янграган куй-қўшиқлар мухлислар қалбидан чуқур жой олди.
Мусиқий форум доирасида меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги музейлар, ҳунармандлик марказлари ва меҳмонхоналарда фестиваль тарихига оид суратлар, миллий ҳунармандлик намуналари ва чолғу асбоблари кўргазмаларини катта қизиқиш билан томоша қилди. Ноёб меъморий ёдгорликлар, бетакрор тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар зиёрати, истиқлол йилларида бунёд этилган замонавий иншоотлар иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди", дейилади "Туркистон Пресс" хабарида.
Фестивалда кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди. Қатнашчилар анжуман доирасида ўтказилган илмий конференция, турли маданий тадбир ва бадиий кечалар, учрашув ва мулоқотларда, жойларда ташкил этилган Мустақиллик байрамига бағишланган тантаналарда қатнашди. Улар бир-бирлари билан фикр ва тажриба алмашиб, ижодий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди.
30 август куни “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорларини эълон қилинди. Фестивалнинг бош соврини — Гран-при Хитойнинг “Jiangsu Women’s Orchestra” гуруҳига топширилди.
“Айни дамда дунёда биздан бахтлироқ инсон йўқ, ҳаяжонимизни таърифлашга тил ожиз, — деди “Jiangsu Women’s Orchestra” гуруҳи аъзоси Жанг Жинг. — Бу каби хайрли ишларга ташаббус кўрсатиб, санъат ва маданият ривожига алоҳида эътибор кўрсатаётгани, жаҳонда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшаётгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга чуқур миннатдорлик билдирамиз. Бу бетакрор ва гўзал саҳнада яна қўшиқ куйлашни орзиқиб кутамиз. Тинчлик, дўстлик ва эзгулик ғояларини тараннум этувчи “Шарқ тароналари” абадий янграйверсин!
Япониянинг “Shamisen” гуруҳи биринчи, Польша ва Эстония вакиллари иккинчи, Коста-рикалик санъат усталари учинчи ўринни қўлга киритди.
Қорақалпоғистоннинг “Айқулаш юлдузлари” гуруҳи ЮНЕСКОнинг махсус совринига сазовор бўлди.
Қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.
Маросимда юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокида катта концерт дастури ҳамда фестиваль учун махсус тайёрланган 3D форматдаги ранглар шоуси намойиш этилди. Унда Ўзбекистоннинг шонли тарихи, мустақиллик йилларида буюк аждодларимиз маънавий меросини тиклаш борасидаги ишлар, маданият ва санъат соҳасида қўлга киритилган улкан ютуқлар ўз ифодасини топди.
Халқаро мусиқа фестивалининг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Ҳодиев, Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев иштирок этди.