Жаҳон | 18:18 / 31.08.2015
3359
1 дақиқада ўқилади

Айирмачилар янги конституцион ўзгартишлар Украинани марказлаштиришга қаратилганини иддао қилди

Тан олинмаган “Луганск демократик республикаси” раҳбариятининг фикрича, Украина Олий Радаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган конституцион ўзгартишлар Минск келишувларига мувофиқ келмайди.

“Бу ўзгартишлар марказлашувни бекор қилмайди. Аксинча, ҳокимиятни марказлаштиришга қаратилади, префектлар институти жорий қилинади, улар маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари устидан назоратни қўлга олади. Шу боис ҳозир бўлаётган жараёнлар Минск келишувларига мос келмайди”, - деди айримачилар вакили Владислав Дейнего Интерфакс агентлигига берган интервьюсида.

Илгарироқ тан олинмаган “Донецк демократик республикаси” вакили Денис Пушилин ҳам ушбу ўзгартишларни танқид остига олган эди.

Эслатиб ўтамиз, душанба куни Украина парламенти мамлакатда ҳокимиятни марказлаштиришни бекор қилиш ҳақидаги конституцион ўзгартишларни биринчи ўқишда қабул қилди.