"ИШИД" жангарилари Ироқнинг Найнава вилоятидаги масжидни портлатишди
"ИШИД" жангарилари Ироқ шимолидаги Найнава вилояти ҳудудидаги масжидлардан бирини портлатиб юборди. Шунингдек, вилоят маркази Мосул шаҳоидаги 2та христианлар черковига ҳам жиддий зарар етказилган. Бу ҳақда курдларнинг 4-ҳарбий бўлинмаси раҳбари Иса Зеуэяга асосланиб, Эроннинг Fars ахборот агентлиги хабар берган.
"Жангарилар Шура туманидаги Абу-Бакр масжидини портлатишди. Миналанган масжид ва унинг ёнидаги қабристон ер билан яксон бўлди", дейилади хабарда.
"Жангарилар Мосулнинг тарихий қисмидаги халдейлар черкови ва Биби Марям ибодатхонасига бостириб кириб, деворлардаги суратлар ҳамда диний ёзувларни ўчириб ташлашган", деб қўшимча қилади курд ҳарбийси.
Унинг қайд этишича, жангарилар Мосулдаги тарихий обидаларни ва замонавий тураржойларни йўқ қилишда давом этмоқда.