Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги муборак бўлсин
Истиқлолнинг нечоғлик буюк бахт эканини мустабит тузум зулм-исканжаси остида азоб чекканлар, жисми занжирбанд бўлса-да қалби, руҳи озод инсонлар теранроқ англайдилар.
70 йил Собиқ Иттифоқ мамлакатлари ичида энг қолоқ, энг паст кўрсаткичларга эга бўлган Ўзбекистон деб аталмиш мамлакат мустақиллик даъвоси билан чиққанида, очиғи, кўпчилик, ҳаттоки шу юрт вакиллари ҳам унинг келажаги, порлоқ тараққиётига шубҳа кўзи билан қараган эди. Бироқ кимлардир интизор бўлган, кимлар эса ишонқирамай кутган кунлар келди — Ўзбекистон 1991 йилнинг 31 август санасида ўз мустақиллигини эълон қилди.
Ватан озодлиги, унинг бахту саодатини куйлаган, шу йўлда жон фидо қилишга ҳам тайёр турган Чўлпон, Қодирий, Беҳбудий, Алихонтўра Соғуний сингари минглаб, юз минглаб чинакам ватанпарвар, миллатпарвар инсонларнинг орзусига ҳамоҳанг тарзда бу юрт тарихан қисқа фурсатларда оёққа турди, ўз номини дунёга танитди, шаъну шавкатининг жаҳон тан олишига эришди.
Бугун иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий-маърифий соҳаларда қанчалик ютуқ ва муваффақиятларга эришган бўлсак, ҳали олдинда эгаллашимиз зарур бўлган марралар ҳам бисёр. Меҳнаткаш, соддадил халқимиз келажакка ишонч кўзи билан қараш, ўз орзу-мақсадларига эришиш йўлида олға интилишдан толмайди.
Энг улуғ, энг азиз айёмимиз барчамизга муборак бўлсин! Истиқлолимиз мангу, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз фаровон бўлаверсин!
Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!
www.kun.uz таҳририяти жамоаси