Рэпер Канье Уэст АҚШ президентлиги учун сайловда қатнашмоқчилигини маълум қилди
Америкалик рэпер Канье Уэст MTV Video Music Awards тақдимоти маросимида АҚШга президент бўлиш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда Variety нашри хабар берган.
Рэпер 2020 йили бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этмоқчи.
У саҳнада қўшиқчи Тэйлор Свифт қўлидан мукофот қабул қилаётганида йиғилганларга мурожаат қилган.
"Мен бундан бирон нарса йўқотаман деб ўйламайман. Мен 2020 йилги президентлик сайловларига ўз номзодимни қўймоқчиман. Балки сиз мени саҳнага чиқишдан олдин қандайдир "кучлироқ модда чакиб олганим" ҳақида ўйлай бошлагандирсиз? Менга нимадир илҳом бергани бор гап", деган у.
У қайси партия номидан сайловда иштирок этмоқчилиги ва умуман бу нияти жиддийлигига аниқлик киритилмаган.
Тахминларга кўра, 2016 йилги сайловлар доирасида Ҳиллари Клинтоннинг сайловолди кампанияси штаби таркибида бўлган унинг рафиқаси Ким Кардашьян уни шунга ундаган бўлиши мумкин.