Ўзбекистон | 22:28 / 31.08.2015
2971
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси ўзбек халқини Мустақиллик куни билан табриклади

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев ўзбек халқини энг улуғ, энг азиз байрам – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик куни билан муборакбод этди. 

Тюрденевнинг айтишича, асосига стратегик ҳамкорлик ва иттифоқдошлик қўйилган икки давлат ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатлар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги бебаҳо бойлик бўлиб қолмоқда.

“Ўтган йили бизнинг давлатларимиз ўртасида стратегик шериклик ҳақидаги келишув имзоланганига 10 йил тўлди, жорий йилда иттифоқдошлик муносабатлари ҳақидаги келишувга 10 йил бўлади. Бундай мустаҳкам асосда биз конструктив сиёсий диалогни йўлга қўймоқдамиз, иқтисодий алоқаларимизни мустаҳкамламоқдамиз, ўзаро гуманитар ҳаракатларни кенгайтирмоқдамиз. Биз Россия-Ўзбекистон ҳамкорлиги ажралиб турувчи ўзаро ҳамжиҳатлик ва ишончни юқори қадрлаймиз. Давлатларимиз ўзаро фаровонлик ва барқарор ривожланишдан, минтақада ва халқаро майдонда нуфузи ошиши ва ўрнининг мустаҳкамланишидан манфаатдор. Ишонаманки, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги қўни-қўшничилик ва оға-иничилик ришталари келгусида ҳам иккила давлат халқлари манфаати йўлида ривожланади ва мустаҳкамланади. Азиз ўзбекистонликлар сизларга мустаҳкам саломатлик, тинчлик, фаровонлик ҳамда фаровонлик ва тинчлик учун хизмат қиладиган барча эзгу амалларингиз ижобат бўлишини тилаб қоламан. Хар бир оилада тинчлик-тотувлик, тўкин-сочинчилик ва бекаму-кўстлик ҳукм сурсин”, деб ўз дил сўзларини билдириб қолди Россия элчиси.