Ўзбекистон | 15:20 / 31.08.2015
4548
3 дақиқада ўқилади

Термизда “Камолот” уйи фойдаланишга топширилди

Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллик шодиёналари ўтказилаётган кунларда Термизда “Камолот” уйи фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда УзА хабар берган.

“Давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, нуронийлар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароити яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар навқирон авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди. 

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда”, дейилади хабарда. 

64 оилага мўлжалланган икки ва уч хонали “Камолот” уйида ёш оилаларнинг фаровон турмуш кечириши учун барча шароит яратилган. Кўп қаватли уй ҳовлисида замонавий жиҳозланган болалар спорти майдончаси барпо этилган. Мустақилликнинг 24 йиллик байрамини янги уйда нишонлаётган ёш оилалар орасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, фидокорона меҳнати билан тенгдошларига ибрат бўлаётган турли касб эгалари, халқаро миқёсда юксак натижаларга эришаётган ёш спортчилар бор. 

Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйи директорининг ўринбосари, каратэ бўйича Осиё чемпиони, халқаро тоифадаги ҳакам Алишер Қиличев ана шундай бахтиёр ёшлардан бири бўлиб, 15 йилдан буён каратэ билан мунтазам шуғулланиб келаётган Алишер бу йил 28 ёшни қарши олган. Тўрт карра Ўзбекистон чемпиони Тошкент шаҳрида ушбу спорт тури бўйича ўтказилган нуфузли халқаро мусобақада Осиё чемпиони, деган юксак номга сазовор бўлди. Шу кунларда Алишер Японияда ўтказиладиган Осиё чемпионатида ҳам муваффақиятли иштирок этишга пухта ҳозирлик кўрмоқда. 

“Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида фойдаланишга топширилган “Камолот” уйи Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг ёрқин ифодасидир. Ҳеч қандай бадал тўловисиз узоқ муддатли имтиёзли кредит эвазига уч хонали уйга эга бўлдик. Мустақиллик байрамини ўзимиз орзу қилган замонавий уйда нишонлаётганимиздан жуда хурсандмиз”, – дейди каратэ бўйича Осиё чемпиони, халқаро тоифадаги ҳакам Алишер Қиличев. 

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Мамараимов сўзга чиққан.