Бангкокда бокс бўйича Осиё чемпионатида ярим финалга чиққан Ўзбекистон вакиллари сони 5 нафарга етди
Бангкокдаги давом этаётган бокс бўйича Осиё чемпионатида яна 3 нафар ўзбекистонлик спортчи ярим финал йўлланмасини қўлга киритишди. Бу ҳақда "Стадион.уз" нашри хабар берган.
56 кг.гача бўлган вазнда иштирок этаётган Муроджон Аҳмадалиев чорак финалда вьетнамлик Тран Пу Чуонг билан баҳс олиб борди ва рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ҳакамларнинг барчаси ғалабани ўзбекистонлик боксчига тақдим этди.
64 кг. вазн тоифасида Лондон олимпиадасида чорак финалгача етиб борган Фазлиддин Ғоибназаров ярим финал йўлланмаси учун жангда ҳиндистонлик Манож Кумарни мағлуб этди. Ҳинд боксчиси Фазлиддинга қаршилик кўрсатишга уринди, аммо Ўзбекистон вакили тактик жиҳатда тўғри жанг олиб борди. Натижада у ҳам рингни ғолиб сифатида тарк этди.
Куннинг энг сўнгги жангида 91 кг. гача бўлган вазнда Рустам Тўлаганов ҳам ҳинд боксчисига қарши беллашди. Ҳакамларнинг барчаси ўзбек боксчиси Манприт Синх устидан ғалаба қозонганини қайд этишди.
Бугун бўлиб ўтган кундузги жангларда Ҳасанбой Дўсматов ва Бектемир Мелиқўзиев ҳам кейинги босқичга ўтгани ҳақида хабар берилганди.
Ундан аввалроқ эса, Бангкокдаги Осиё чемпионатида 10 ўзбек боксчисининг 9 нафари чорак финал баҳсларини давом эттириши ҳақида хабар қилинганди.
Шу тариқа, бугун рингга кўтарилган ўзбекистонлик боксчиларнинг барчаси ғолиб чиқиб, ярим финал йўлланмасига эга бўлишди. Ўзбекистон терма жамоасининг мазкур 5 нафар аъзоси камида бронза медалларни қўлга киритишади.
2 сентябрь куни яна 4 нафар ўзбекистонлик спортчи ярим финал йўлланмаси учун рингга кўтарилишади.