Жаҳон | 18:29 / 01.09.2015
7004
2 дақиқада ўқилади

"ИШИД" Ироқда 122 нафар аъзосини хиёнатда айблаб қатл этди

31 август куни Ироқнинг Найнава вилоятида "ИШИД" ўзининг 122 нафар жангарисини хиёнатда айблаб, қатл қилди. Бу ҳақда Курдистон Демократик партияси вакили Саид Мамазунийга асосланиб, Al Sumaria телеканали хабар тарқатган.

Манбанинг сўзларига кўра, "ИШИД"нинг ўзи томонидан қатл этилган мазкур жангарилар тўнтаришга ҳамда ташкилот раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийни йўқ қилишга уринишда айбланган.

Мамазунийнинг қайд этишича, тўнтариш 30 август кунига белгиланганди.

"Бироқ икки кун аввал ҳибсга олинган беш нафар жангари фитна режасини фош этиб қўйган", деди у.

Натижада 122 нафар жангари, хусусан, 18 нафар дала қўмондони Мосул шаҳри жанубидаги қамоқхонада отиб ташланган.

Мамазунийнинг сўзларига кўра, "ИШИДда ички бўлиниш тобора очиқ кўриниб бормоқда".

Маълум қилинишича, ташкилотда пул ва бошқа ўлжаларни бўлиб олиш жараёнидаги муаммолар туфайли бунгача ҳам ўнлаб жангарилар ўлдирилганди.

Эслатиб ўтамиз, 31 август куни "ИШИД" жангарилари Ироқнинг Найнава вилоятидаги масжидни портлатишганди.