Ўзбекистон | 07:17 / 01.09.2015
11032
3 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов: Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмаслигини таъкидлаб ўтди.

“Ҳозирги кунда яқин ва узоқ атрофимизга назар ташлайдиган бўлсак, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар, тўқнашув ва қон тўкишлар, низо ва адоватлар кучайиб бораётганини, мухтасар айтганда, вазият ғоят қалтис бўлиб, тобора мураккаб ва кескин тус олаётганини кўрмаслигимиз мумкин эмас.

Бундай ўта таҳликали вазиятда бизнинг олиб бораётган сиёсатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида, халқаро қонун ва нормаларда муҳрлаб қўйилган асосий принципларга риоя қилиш, юзага келадиган қарама-қаршилик ва низоларни зўравонлик билан эмас, фақатгина тинч ва сиёсий йўл билан ҳал этишни, бугунги кунда дунёнинг турли ҳудудларида давом этаётган уруш ва қон тўкиш ҳолатларини сўзсиз тўхтатишни назарда тутади.

Яна ва яна бир бор айтиб ўтишни зарур деб биламан: Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлаштирилишига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймайди.Ўзбекистон давлатининг қонуни даражасига кўтарилган бу тамойилларни, айни шундай чуқур ўйланган йўлни, шундай сиёсатни биз учун энг тўғри, энг маъқул деб биламиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз.

Илгари ҳам айтганман – бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Бу – ўзбек халқининг истаги, бу – ўзбек халқининг мақсади, бу – ўзбек халқининг қароридир.

Биз бошимиздан кечираётган замон барчамиздан аввало огоҳ ва сезгир бўлиб яшашимизни, тинч ва осуда ҳаётимиз учун, мусаффо осмонимизни ҳимоялаш учун курашишимизни талаб қилади.

Шу мақсадда биз яқин ва узоқ қўшниларимиз билан тил топишиб, ўзаро дўстона муносабатларни, минтақамизда ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиришни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз деб биламиз”, деб таъкидлади Ислом Каримов.