Ўзбекистон | 00:11 / 01.09.2015
5392
6 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги билан бутун Ўзбекистон аҳлини муборакбод этди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан 31 август куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий боғида ўтган тантанали маросимдаги нутқида бутун Ўзбекистон аҳлини энг улуғ, энг азиз байрам билан табриклаб қолди.

Муҳтарам меҳмонлар!

Бугун мана шу гўзал ва муҳташам майдонда сиз, азиз юртдошларимиз билан кўришиш, барчангизни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни биз учун энг улуғ ва энг азиз бўлган Ўзбекистонимизнинг Мустақиллик куни билан чин қалбимдан табриклаш – мен учун катта бахт, катта шарафдир.

Мустақиллик биз учун ҳаётимизнинг маъно-мазмунини бутунлай ўзгартирган, тарихимизда янги саҳифа очган буюк воқеа бўлиб, Ватанимизни, халқимизни эски мустабид тизим кишанларидан озод қилгани, миллий демократик давлат қуриш, барча мамлакатлар ва халқлар билан тенг бўлиб, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлини очиб бергани билан қадрли ва мўътабардир.

Айнан мустақиллик шарофати билан мард ва матонатли халқимиз тарихан қисқа даврда амалга оширган оламшумул ишлар туфайли шаҳар ва қишлоқларимизнинг, бутун мамлакатимизнинг қиёфаси тобора очилиб, обод бўлиб бораётгани, аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалаётгани, бугун Ўзбекистонимиз замонавий давлатлар қаторига кираётгани – ўзингиз айтинг, азиз дўстлар, мустақилликка эришмасдан туриб, бундай марраларга етиш мумкинмиди?

Бунга жавоб битта – йўқ ва асло йўқ.

Бу фикрнинг яққол тасдиғини аввало босиб ўтган йўлимиз ва мамлакатимиз қўйган қадамларда кўриш, кузатиш қийин эмас.

Ўзбекистонимиз иқтисодиёти, жаҳон миқёсида ҳали-бери давом этаётган инқирозга қарамасдан, истиқлол йилларида 5,5 каррадан зиёд ўсгани, аҳолимизнинг реал даромадлари жон бошига 9 марта кўпайгани, одамларимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида эса 75 ёшга етгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, албатта.

Мамлакатимиз ер юзидаги энг тез суръатлар билан ривожланаётган давлатлар орасида бугун бешинчи ўринни эгаллагани ва сўнгги ўн бир йил давомида ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш ҳажми 8 фоиздан юқори бўлиб келаётганининг ўзи барчанинг ҳаваси ва ҳайратини уйғотиши табиийдир.

Юртимизда ҳар йили 600 мингдан кўпроқ замон талабига жавоб берадиган ёш мутахассислар – камида икки-учта касб-ҳунарни, чет тилларни, Интернет ва ахборот технологияларини, замонавий билим чўққиларини эгаллаган, ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашувга тайёр бўлган, кўзи ёниб турган йигит-қизларимиз бугун жамиятимизнинг ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи кучига айланиб, ҳаётга кирмоқда. Бизнинг энг катта суянчимиз ва таянчимиз бўлмиш ана шундай ёшларга, ана шундай беқиёс салоҳиятга эга бўлган халқни ҳеч қачон ўз йўлидан қайтариб, енгиб бўлмайди. Бунга барчамизнинг ишончимиз комил.

Яна ва яна бир бор айтиб ўтишни зарур деб биламан: Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлаштирилишига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймайди.Ўзбекистон давлатининг қонуни даражасига кўтарилган бу тамойилларни, айни шундай чуқур ўйланган йўлни, шундай сиёсатни биз учун энг тўғри, энг маъқул деб биламиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз.

Илгари ҳам айтганман – бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Бу – ўзбек халқининг истаги, бу – ўзбек халқининг мақсади, бу – ўзбек халқининг қароридир.

Биз бошимиздан кечираётган замон барчамиздан аввало огоҳ ва сезгир бўлиб яшашимизни, тинч ва осуда ҳаётимиз учун, мусаффо осмонимизни ҳимоялаш учун курашишимизни талаб қилади.

Шу мақсадда биз яқин ва узоқ қўшниларимиз билан тил топишиб, ўзаро дўстона муносабатларни, минтақамизда ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиришни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз деб биламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган, бизга яқиндан ёрдам ва кўмак бериб, ҳамкорлик қўлини узатиб, доимо хайрихоҳ бўлиб келаётган хорижий мамлакатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотларнинг вакилларини, барча чет эллик меҳмонларимизни самимий қутлашга ижозат бергайсиз.

Оилаларимизни, ҳаётимизни эзгулик ва меҳр нури билан чароғон этиб келаётган, дунёдаги энг гўзал, мунис аёлларимиз, опа-сингилларимизга бахту саодат, хонадонларига файзу барака тилайман.

Мана шу муаззам майдонда жам бўлган сиз ёшларга, сизлар орқали юртимизнинг барча ўғил-қизларига, менинг азиз фарзандларимга ўзимнинг самимий меҳрим ва чуқур ишончимни яна бир бор билдирмоқчиман.

Ишонаман, барча-барчангиз сизга мансуб бўлган куч-ғайрат ва қатъият, изланиш ва яна бир бор изланиш, замонавий билим ва тажрибаларни ўзлаштириш билан ўз олдингизга қўйган эзгу мақсадларга албатта эришасиз, жамиятимизда муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллайсиз.

Ҳеч қачон бўш келманг, азиз болаларим, эртанги кун – келажак сизники!


Мана шу ҳаяжонли, унутилмас дамларда сизларни Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрами билан яна бир бор табриклаб, қалбимда, юрагимда бўлган энг гўзал, самимий тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман.

Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи қўлласин, ўзи мададкор бўлсин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!