Жаҳон | 17:43 / 01.09.2015
2424
2 дақиқада ўқилади

Муҳожирлар тартибсизлиги сабабли тўхтатиб қўйилган Будапешт вокзали фаолияти қайта йўлга қўйилди

Будапешт шаҳридаги Келети темир йўл вокзали сешанба, 1 сентябрь куни юзлаб ноқонуний муҳожирлар унинг ташқарисига сиқиб чиқарилганидан сўнг ўз фаолиятини қайтадан бошлади, хабар берди М1 венгер телеканали.

Аввалроқ Келети вокзали полиция томонидан эвакуация қилингани тўғрисида хабар берилган эди.

Икки соат давом этган амалиёт жараёнида поездлар ҳаракати тўхтатилган. Бу пайтда вокзалга бирорта поезд кириб келмади, ундан поездлар чиқиб келишига ҳам йўл қўйилмади.

Бунга 500 нафар атрофидаги муҳожир Венага йўл олган сўнгги поездга чиқиб олиш учун тартибсизликлар уюштиргани сабаб бўлган эди.

Айни пайтда вокзал қаршисидаги майдон муҳожирлар билан тўлган. ВВС хабарига кўра юзлаб муҳожирлар ўз поезд чипталарини қўлга олган ҳолда “Германия, Германия!” дея ҳайқиришмоқда.

Қайд этилишича, поездлар ҳаракати фақатгина муҳожир бўлмаган одатдаги йўловчилар учун қайта тикланган. Полиция эса муҳожирларни тарқатиш билан банд. Уларнинг кўпчилиги юзлаб еврога чипта сотиб олгани, вокзалда бир неча кундан буён қолиб кетаётганидан шикоят қилган.