Жаҳон | 10:17 / 01.09.2015
2654
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Швейцарияликлар муҳожирлар оқими сабабли Евроиттифоққа қўшилишни истамайди

Европага оммавий равишда кириб келаётган муҳожирлар муаммоси ечимини Швейцария аҳолиси уларга ўз мамлакатларида, шунингдек, муҳожир ва қочқинлар вақтинчалик бошпана топган Сурия ва Ироқ атрофидаги қўшни мамлакатларга кўмак кўрсатишни кенгайтиришда кўрмоқда.

Швейцарияликлар, шунингдек, Швейцария Конфедерациясининг Европа Иттифоқига аъзо бўлишини ҳам хоҳламайди ва у ерда бўлаётган ҳодисаларга салбий баҳо бермоқда. Бу ҳақда Schweiz am Sonntag нашри ўтказган сўровномалар вақтида маълум бўлди.

Швейцариянинг ЕИга қўшилишига ижтимоий сўровноманинг 85,8 фоиз қатнашчилари қарши овоз берган. 30 фоиздан зиёд респондентлар иттифоқнинг яқин орада тарқаб кетишига ишонч билдирган.

Европага кириб келаётган муҳожирлар оқимини тўхтатиш масаласида 81,3 фоиз респондентлар Швейцариялар уларга “ўз жойида” ёрдам бериш керак, деган фикрни билдирган.

39,6 фоиз швейцариялик эса мамлакатга фақат малакали муҳожирларни қабул қилиш лозимлигини белгилаган. 44,6 фоизи мамлакат чегараларини вақтинчаликка бутунлай ёпиш керак, дея жавоб берган бўлса, 26,5 фоиз респондентлар

Швейцарияга йилига 40 минг нафардан муҳожир қабул қилиш мумкинлигини билдирган.

Ижтимоий сўровнома июл ойида ўтказилиб, унда 1002 фуқаро ва мамлакатда яшовчи хорижлик иштирок этган.

Швейцария ҳукуматининг маълум қилишича, 2015 ва 2016 йилларда Швейцария тахминан 30 минг бошпана бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиб олиш кутилмоқда.