Иқтисодиёт | 14:08 / 01.09.2015
2864
1 дақиқада ўқилади

ОПЕК нефть нархининг тушишига қарши биргаликда курашишга чақирди

Нефть нархининг тушиб кетаётгани углеводородлар экспорти билан шуғулланувчи давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига салбий таъсир ўтказмоқда. Энергетикага киритилаётган инвестициялар камайиб бормоқда, келажакда улар йўқ даражага тушиб қолиши мумкин.

Шуни инобатга олган ҳолда, ОПЕК ташкилоти экспортчи давлатларни бозорни барқарорлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди. Бу ҳақда картелнинг баённомасида айтилди.
“Биз барча нефть ишлаб чиқарувчилар билан тенг диалог юритишга тайёрмиз. ОПЕК, албатта, ўз манфаатларига қарши чиқмайди. Ташкилотга кирувчи ривожланаётган мамлакатлар бошқача йўл тута олмайди”, - дейилади ҳужжат матнида.

Ҳужжатда таъкидланишича, айнан ҳамкорлик муаммони ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади.
ОПЕК бошқа нефть давлатлари билан қачон ва қай йўсинда алоқаларни йўлга қўйиши ҳақида ҳозирча бирор аниқ маълумот берилмади.