Ўзбекистонда Мустақиллик йилларида ёш авлодни тарбиялашга қаратилган мутлақо янги тизим яратилди
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимда мамлакатда мустақилликка эришган биринчи кунлардан бошлаб эски тузумнинг қолип ва ақидаларидан бутунлай холи бўлган, мустақил фикрлайдиган, ҳаётга янгича қарайдиган, буюк ишларга қодир куч сифатида ёш авлодни тарбиялашга қаратилган мутлақо янги тизим яратилганини таъкидлаб ўтди.
“Юртимизда ҳар йили 600 мингдан кўпроқ замон талабига жавоб берадиган ёш мутахассислар – камида икки-учта касб-ҳунарни, чет тилларни, Интернет ва ахборот технологияларини, замонавий билим чўққиларини эгаллаган, ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашувга тайёр бўлган, кўзи ёниб турган йигит-қизларимиз бугун жамиятимизнинг ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи кучига айланиб, ҳаётга кирмоқда. Бизнинг энг катта суянчимиз ва таянчимиз бўлмиш ана шундай ёшларга, ана шундай беқиёс салоҳиятга эга бўлган халқни ҳеч қачон ўз йўлидан қайтариб, енгиб бўлмайди. Бунга барчамизнинг ишончимиз комил”, деб айтмоқда Ислом Каримов.