Украинанинг янги ҳарбий доктринаси лойиҳасида Россия асосий душман сифатида кўрсатилди
Украина вазирлар маҳкамаси ишлаб чиқилган янги ҳарбий доктрина лойиҳасида Россияни асосий потенциал душман сифатида кўрсатди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Арсений Яценюк баёнот берди.
“Украина мустақилигининг тарихида биринчи марта ҳарбий доктринада душманлар ва агрессорлар кўрсатилди. Бу Россиядир”, - деди у Одессада бўлиб ўтган брифингдаги чиқиши чоғида.
Унинг таъкидлашича, доктрина лойиҳаси мудофаа ва миллий хавфсизлик кенгашига юборилди, эндиликда уни Украина президенти ўз фармони билан тасдиқлаши кутилмоқда.
Илгарироқ Украина Олий Радаси Россияни агрессор мамлакат деб тан олиш ҳақидаги баёнотни маъқуллагани хабар қилинган эди.
Рада бошқа давлатлар парламентларини ва халқаро ташкилотларни Россияга бўлган босимни кучайтиришга чақирди. Шунингдек, парламент тан олинмаган Луганск ва Донецк “республика”ларини террорчи ташкилотлар деб тан олиш жоизлигини эътироф этди.