Жаҳон | 17:36 / 02.09.2015
2786
1 дақиқада ўқилади

36 дона Rafale қирувчи самолёти Ҳиндистонга 9 млрд долларга тушиши мумкин: музокаралар давом этмоқда

Ҳиндистон Мудофаа харидлари кенгаши (DAC, Defence Acquisition Council) француз томони билан мамлакат ҳарбий ҳаво кучлари учун зарур бўлган 36 дона Rafale қирувчисини еказиб бериш борасида музокаралар давом эттирилаётганини тасдиқлади. Бу ҳақда журналистларга Ҳиндистон мудофаа вазирлиги вакили хабар қилди.

"Ҳиндистон мудофаа вазири Манохар Паррикар раислигида бўлиб ўтган DAC йиғилишида ҳинд экспертлар жамоасига 36 дона Rafale қирувчисини етказиб бериш борасида музокараларни давом эттириш вазифаси топширилди”, – деди вазирлик вакили. У жамоа берк кўчага кириб қолган жараённи муваффақиятли якунлаб, шартнома имзоланишига эришишига умид билдирди.

NDTV телеканалининг қайд этишича, шартнома тузиш ҳақидаги қарорнинг қабул қилинмай қолаётганига ҳарбий амалдорларнинг француз қирувчиларини етказиб бериш баҳоси Ҳиндистонга Қатар билан тузилган шартномадагидан қимматроққа тушиши мумкинлиги борасидаги хавотирлар сабаб бўлмоқда. Норасмий маълумотларга кўра, 36 дона Rafale Деҳлига 8-9 млрд долларга тушиши мумкин.