Ўзбекистон | 20:18 / 02.09.2015
4090
2 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов Хитойга етиб бориб, Си Цзиньпин билан учрашди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хитой пойтахти Пекин шаҳрига етиб борди ва мамлакат раҳбари Си Цзиньпин билан учрашди.

Ислом Каримов ХХР раисининг таклифи билан Пекинга жўнаб кетгани ҳақида хабар берилганди.

Ўзбекистон раҳбари ташриф доирасида Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган тантанали маросимларда иштирок этади, Хитой раҳбарияти билан учрашувлар ўтказади.

Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалаба, шунингдек, Хитой халқининг Япония агрессиясига қарши курашдаги ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган ушбу парадда 30дан ортиқ мамлакат раҳбарлари иштирок этиши маълум қилинган.

ХХР Давлат кенгаши девонхонасининг маълум қилишича, тадбирда жами 49 мамлакат вакиллари иштирок этади.

3 сентябрь куни Тяньаньмэнь майдонидан 12 минг аскар ва зобит парад билан ўтади. Парадга, шунингдек, 200 донадан ер усти техникаси ва самолёт жалб қилинади.

Парадни тайёрлашга раҳбарлик қилаётган генерал-майор Цюй Жуйнинг маълум қилишича, парадда иштирок этадиган техниканинг 84 фоизи биринчи марта намойиш этилади.