Москва меҳмонларни хушламайдиган шаҳарлар орасида етакчилик қилмоқда
Россия пойтахти Москва шаҳри Американинг Travel+Leisure журнали томонидан дунёнинг энг хуш кўрмас шаҳри деб топилди. Ушбу рўйхатнинг учинчи поғонасида яна бир рус шаҳри — Санкт-Петербург ўрин эгаллади.
Рейтинг нашрнинг 200 минг нафардан зиёд ўқувчилари томонидан дунёнинг 266 шаҳри тўғрисидаги турли йўналишларда билдирилган фикр-мулоҳазалари асосида тузиб чиқилди.
Журнал таҳририятининг қайд этишича, Москва диққатга сазовор масканлар ва ўзига хос маданий анъаналарга эга. Бироқ москваликлар жуда ҳам лоқайд ва бепарво бўлиб, хорижликларга кўмак беришга шошилишмайди. Россия пойтахтининг бошқа камчиликлари сифатида кўчаларнинг жуда тирбанд экани ҳамда ошхоналарининг ёмонлиги қайд этилган.
Санкт-Петербург ҳам ўз фуқароларининг одам хушламаслиги билан рўйхатнинг учинчи поғонасидан ўрин эгаллади. Улар билан суҳбатлашган сайёҳлар ҳайратда қолганини таъкидлаган.
Шунингдек, АҚШнинг Атлантик-Сити шаҳри аҳолиси ҳам сайёҳлар билан қўпол муомалада бўлиши айтилган. Нью-Йорк, Лос-Анжелес, Вашингтон, Лас-Вегас, Бостон, Франкфурт-Майн, Ницца, Канн, Монте-Карло, Лион, Марсель ва Милан шаҳарлари ҳам мазкур рейтингдан жой олган.
Дўстона шаҳарлар рейтингини эса Ирландиядаги Голуэй шаҳри бошлаб берган бўлса, Американинг Чарльстон ва Ирландиянинг Дублин шаҳарлари кейинги ўринларда қайд этилган.
Американинг Travel+Leisure журнали сайёҳлар ўртасидаги энг оммавий нашрлардан бўлиб, 5 миллиондан зиёд нусхада чоп этилади. Журналга 1937 йилда асос солинган.