Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ОТМларда шартнома қийматининг оширилиши бўйича изоҳ берди
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 1 сентябрдан ОТМ ларда тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорларининг 15 фоизга ошганлиги сабабларини тушунтирди.
Бундан олдинроқ, Ўзбекистон олий таълим муассасаларида контракт нархлари 15 фоизга ошгани ҳақида хабар берилганди.
Ҳозирги вақтда стипендиянинг ўртача ойлик миқдори 300 минг сўмни ёки йилига 3,6 млн. сўмни ташкил этади ва у ўқитиш қиймати контракт миқдорига тўлиқ киритилади. Бунда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг 40-60 фоизини стипендия ташкил этади, яъни талабага ўзи томонидан ўқиш учун тўланган маблағнинг тахминан ярми ўқув йили давомида ойлик стипендия кўринишида қайтарилади. Юқоридагиларга асосан янги ўқув йилида тўлов-контракт қиймати миқдорини индексация қилишда, асосий омил сифатида, ўтган ўқув йилида стипендия ва ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдорларининг 23,2 фоизга, тўлов-контракт миқдорларининг эса атиги 10 фоизга ошганлиги, аниқроғи олий таълим муассасалари харажатлари уларнинг тушумларидан тезроқ ўсганлиги инобатга олинди.
Шу билан бирга, тўлов-контракт миқдорини 15 фоизга оширишда 2015 йилнинг 1 сентябридан стипендиялар ва ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдорини 10 фоизга оширилганлигини қоплаш лозимлиги, акс ҳолда янги ўқув йилининг якунига келиб олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари бўйича тегишли харажатлар учун маблағлар етишмовчилиги келиб чиқиши ҳам ҳисобга олинди.
Жумладан, жорий йилнинг 1 сентябридан тўлов-контракт қиймати бир талабани ўқитиш учун келиб чиқадиган харажатлар танланган таълим йўналиши харажатларидан келиб чиқиб, 5,8 млн. сўмдан 8,5 млн. сўмгача миқдорда белгиланди. Масалан, “Педагогика” йўналиши бўйича тўлов-контракт миқдори 5,8 млн. сўмни ташкил этгани ҳолда, моддий-техник ва лаборатория базаси ҳамда педагогик ставкалар сонига (ўқитувчиларга) талаб юқори бўлган “Соғлиқни сақлаш” йўналишида 7,65 млн. сўмни ташкил этади.
Маълум қилинишича, талабага тўланаётган стипендияни ҳисобга олмаган ҳолдаги ўқитиш учун тўловнинг хақиқий миқдори 2,2-4,9 млн.сўмни ёки 850-1900 долларни ташкил этмоқда, бу эса Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари, айниқса узоқ хорижий давлатлардаги олий таълим муассасаларида ўқитиш қийматидан бир неча бор пастдир.
Шунингдек, тўловлар олий таълим муассасаларида моддий-техника базани мустаҳкамлашга йўналтирилади, дейилади вазирликнинг хабарида.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабаларни ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган барча саволларга ёзма шаклда ҳамда давлат интерактив хизматлари орқали жавоб беришга тайёрлигини маълум қилади.