Ўзбекистон миллий терма жамоаси меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашди
31 август куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Мустақиллик байрами муносабати билан меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини зиёрат қилишди.
"Жар" стадионида ўтган тадбирга Тошкент шаҳридаги 21 ва 23-меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ташриф буюришди.
Дастлаб тадбир бошловчиси Даврон Файзиев футболчилар ва мураббийлар штабини болалар билан таништириб чиқди. Кейин эса меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва терма жамоа футболчилари икки жамоага аралаш ажралиб, 15 дақиқача давом этган футбол ўйинида тўп тепишди. Унда болалар ўзларининг севимли футболчилари билан бирга ўйнаш имкониятига эга бўлишди.
Футбол учрашувидан кейин меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига эсдалик совғалари тақдим этилди.
Тадбирда ЎФФ ва "Терма жамоалар маркази" раҳбарияти ва ходимлари ҳам иштирок этишди.